Yangiliklar
РАСМИЙ МУНОСАБАТ
13-oktabr 2026-yil
Ижтимоий тармоқларда «Фарғона шаҳридаги 31-умумтаълим мактабига ажратилаётган маблағлар етарли эмасми?» сарлавҳаси остида хабар тарқалди.
Унда мактаб ўқитувчиларидан синфхона ойналарига пардалар илиш учун пул йиғилаётгани, педагоглар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳамда мазкур ҳолатни ўрганиш учун таълим муассасасига келган ишчи гуруҳининг ўрганиш жараёнида холисликка риоя қилмагани иддао қилинган.
Мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатлар белгиланган тартибда ўрганилди.
Ўрганиш жараёнининг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида унда ОАВ вакиллари ҳамда фаол ота-оналар иштирок этди.
Амалдаги тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда, дарс машғулотларига халақит бермасдан, мактабда фаолият юритаётган педагоглар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, тарқалган хабарда келтирилган важ ва иддаолар ўз тасдиғини топмади.
Ҳурматли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан ахборот тарқатишда масъулиятли бўлиш, унинг ҳаққонийлигини текшириш ҳамда асоссиз маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз.
Зеро, била туриб ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтамиз.
Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими башқармаси Ахборот хизмати.